Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли мамлакат президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Туркияда Европа Иттифоқига кириш бўйича референдум ўтказилиши мумкинлиги ҳақидаги гапига муносабат билдирди. Бу ҳақда Anadolu хабар тарқатган.

"Албатта, ЕИ билан музокаралар якунлангач, Туркия ҳукумати халққа фикр билиш учун юзланади. Биз халқ билан ҳисоблашамиз. Агар музокаралар жараёни боши берк кўчага кириб қолса, Туркия президенти айтганидек миллатдан ЕИга кириш бўйича музокараларни давом эттириш бўйича фикр сўраймиз", деган Човушўғли.

Бундан олдинроқ, Туркия раҳбари Буюк Британияда ўтказилаётгани каби Туркияда ҳам референдум ўтказилиши мумкинлиги ҳақида маълум қилганди.

Эрдўғаннинг фикрича, Европа Иттифоқи Туркияни аҳолисининг катта қисми мусулмонлар бўлгани учун таркибига қабул қилмай келмоқда.