Бекзод Ҳамидов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўттиз икки йилдан зиёд вақт Қўшкўпир туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўптармоқли поликлиникада окулист (кўз шифокори) бўлиб фаолият юритиб келган. У ўтган даврда кўплаб инсонларга шифо улашгани аниқ. Бироқ нафсига эрк бериши оқибатида суднинг қора курсисига ўтиришга мажбур бўлди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри хабар ёзмоқда.

Кунларнинг бирида Шаҳноза исмли фуқаро кўриш қобилияти пастлигидан шикоят қилиб келди. Шифокор унга тегишли ташхис қўйди ва муолажалар олиб борди. Кўзланган натижага эришилмагач, ногиронлик нафақасига чиқишни тавсия қилди. Бироқ бу ўз-ўзидан бўлмаслигини, 500 АҚШ доллари берса, ҳужжатларни тегишли тартибда тўғрилаб беришини ваъда қилди. Аёл оилавий шароити оғирлигини, бунча пули йўқлигини айтиб, нархни арзонлаштиришни сўраган эди, Б.Ҳамидов 300 АҚШ долларига рози бўлди.

 “100 АҚШ долларини эртага олиб кел. Қолганини нафақага чиқанингдан кейин берасан”, тайинлади шифокор.

Тегишли қонунларни, касб этикасини унутиб қўйган Б.Ҳамидов аёлдан 100 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланди.