Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши масаласида ўтказилган референдумда Brexit (Бирлашган Қиролликнинг Евроиттифоқдан чиқиши) тарафдорлари ғалаба қилди. Бу ҳақда BBC хабар тарқатди.

Қайд этилишича, қиролликнинг ЕИни тарк этишини ёқлаб 17,4 миллион киши овоз берган.

Қарама-қарши томон билан орадаги фарқ минимал даражада бўлди - 16,1 миллион киши.

Буюк Британия фуқароларининг 51,9 фоизи ЕИни тарк этиш учун, 48,1 фоизи эса унда қолиш учун овоз берди.

Референдум юридик характерга эга эмас. Ҳукумат унинг натижаларини тан олмаслиги мумкин.

Шу билан биргаликда, таҳлилчилар ҳукумат раҳбари Дэвид Кэмероннинг ўзи ушбу референдум ташаббускори бўлгани туфайли натижалар тан олинишини айтишмоқда.

Бир қатор сиёсатчилар референдумдаги мағлубият Дэвид Кэмероннинг истеъфосига сабаб бўлишини тахмин қилишганди.

Шу тариқа, 43 йил олдин Европа Иттифоқига аъзо бўлган Буюк Британия уни тарк этадиган бўлди.

Британияликлар 23 июнь, пайшанба куни ўз мамлакати тақдирини ҳал қилди: улар референдумда Бирлашган Қироллик Евроиттифоқдан чиқиш-чиқмаслиги юзасидан овоз берди.