Буюк Британияда евроскептиклар мамлакатнинг Евроиттифоқ таркибидан чиқиши бўйича референдумда ғалаба қозонди. 

Sky News телеканали маълумотига кўра, овозлар ҳисоблаб чиқилгач, Brexit тарафдорлари Британиянинг Евроиттифоқда қолишини ёқлаган 48,1 фоиз кишига (16,14 миллион) қарши 51,9 фоиз овоз (17,1 миллион) тўплади.

Қайд этилишича, давомат 72 фоиз бўлган. Яъни референдумда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган 46,5 миллион кишидан 33,5 миллиондан ортиғи иштирок этган.

Энди 43 йилдан буён ЕИда бўлган Буюк Британия блокни тарк этиши кутилмоқда.

Якуний натижалар эълон қилинишидан олдинроқ Brexit тарафдорлари, яъни Бирлашган қиролликнинг ЕИдан чиқишини ёқловчилар ғалабани нишонлашни бошлади. Мустақил Бирлашган Қироллик партияси (UKIP) етакчиси Найжел Фарож ўз тарафдорларини табриклади.

"Биз ўз мамлакатимизни қайтарди. Барчангизга раҳмат", дея #IndependenceDay ҳэштеги билан твит қолдирган у.

Евроиттифоқдан чиқишни Англия ва Уэльснинг кўпчилик аҳолиси ёқлади, Шотландия ва Шимолий Ирландия аҳолисининг кўпчилиги эса қарши бўлди.

Европа Иттифоқидан чиқиш масаласида референдум ўтказиш ташаббуси мамлакат бош вазири Дэвид Кэмерон томонидан билдирилганди. У 2015 йилнинг майида, лавозимига қайта сайлангач шунга ваъда қилганди. Лекин унинг ўзи мамлакатни Европа Иттифоқида сақлаб қолиш тарафдори эди.

У ва бошқа бир қатор йирик тадбиркорлар ЕИдан чиқиш Буюк Британияда истеъмол товарлари тақчиллиги ҳамда солиқлар ошиши ортидан иқтисодий муаммолар келиб чиқишидан хавфсирашаётганди.