2016 йилнинг апрелидан 2017 йилнинг мартига қадар Mitsubishi Motors компаниясининг ёқилғи можароси билан боғлиқ молиявий йўқотишлари 145 миллиард иенни (1,4 миллиард доллар) ташкил қилади. Бу ҳақида япон автомобиль ишлаб чиқарувчисининг иқтисодий прогнозида маълум қилинган. 

Бу даврда компаниянинг глобал сотувлари саккиз фоизга - 962 минг машинагача пасаяди. Энг сезиларли пасайиш кўрсаткичлари япон бозорида бўлиши кутилмоқда, бу ерда 60 минг автомобиль сотилади - бир йил аввалгига қараганда 41 фоизга кам...

Бундан аввал Mitsubishi компанияси ёқилғи можаросидан жабр кўрган ҳар бир машина эгасига 100 минг иендан (959 доллар) тўлашни режалаштиргани ҳақида хабар қилинганди. Япон бозорида ҳужжатларда ёқилғи харажатларига доир нотўғри маълумот берган 625 минг машина қайд этилганидан келиб чиқадиган бўлсак, тўловнинг умумий ҳажми 50 миллиард иенни (500 миллион доллар) ташкил қилади. 

Апрель ойининг охирида Mitsubishi бир қатор моделлардаги ёқилғи харажатлари ҳақида сохта маълумот берганини тасдиқлаган. Япон ҳукуматига 25 йил давомида - 1991 йилдан бошлаб ёқилғи истеъмоли даражаси тўғрисидаги нотўғри маълумот тақдим этиб келинган. 

Май ойининг ўртасида Mitsubishi Motors компаниясининг 34 фоизли акциялар пакетини Nissan компанияси харид қилиши маълум бўлди. Бундан бир неча кун ўтиб, Mitsubishi президенти Тетсуро Аикава ва вице-президент Рюго Накао истеъфога чиқиши ҳақида эълон қилишди.