Евроиттифоқ раҳбарияти Буюк Британиянинг ЕИдан чиқишига доир референдумдаги сайлов натижаларига қарамай, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг бирдамлиги ҳақидаги баёнотни чоп этди. Ушбу баёнот Европа кенгаши раиси Дональд Туск, Европарламент раҳбари Мартин Шульц ва Еврокомиссия раҳбари Жан-Клод Юнкерлар томонидан имзоланди. 

"Бу мисли кўрилмаган вазият, аммо биз унга бирдамлик билан жавоб қайтарамиз. Биз ўз аҳдимизга собит қоламиз ва ЕИнинг фундаментал қадриятларини, шунингдек Евроиттифоқ ҳудудида яшовчи кишиларнинг фаровон турмушини ҳимоя қиламиз", - дейилади расмий ҳужжатнинг матнида. 

Шу билан бирга унда Европа халқларининг тарих, география ва умумий қизиқишлари билан боғлиқ сиёсий келажаги учун ЕИ шакллантириш омили ҳисобланиши қайд этилган.