Хитойнинг Яньчэн шаҳри ва шарқий вилоятларидаги бошқа ҳудудларда ярим аср ичида содир бўлган энг кучли қуюн оқибатида ҳалок бўлганлар сони 78 кишига етди. "Синьхуа" ахборот агентлигининг маълум қилишича, яна 500 киши жароҳат олган. 

Ҳукумат маълумотларига кўра, 200 га яқин жабрланганлар ўта оғир жароҳатлар олган ва уларнинг аҳволлари жуда оғир. Айни вақтга келиб қидирув-қутқарув операцияси ҳали якунланмаган, шунинг учун ҳукумат қурбонлар сони ошиши мумкинлигидан хавфсирамоқда. Бир қатор аҳоли пунктларида электр таъминоти узилган.

Қуюн Цзянсу вилоятининг бир неча ҳудудларига кучли жалалар ва дўллар билан ёпирилган. Гувоҳларнинг айтишича, шамол автомобилларни тўнтариб, дарахтларни қўпориб, томларни учириб юборган. Ҳукумат жабрланган ҳудудларга инсонпарварлик ёрдамини, жумладан минглаб чодирлар ва 2 минг каравот жўнатган.

China Daily газетасининг маълум қилишича, қуюн иккита заводни ҳам вайрон қилган. Нашрнинг таъкидлашича, заводларда "хавфли кимёвий моддалар" сақланган, бироқ ҳозирда фожиа оқибатида бу моддаларнинг атроф-муҳитга сизиб чиқиши юз берганлиги номаълумлигича қолмоқда. 

Об-ҳаво мутахассисларининг маълумотларига кўра, шамолнинг баъзи ҳудудлардаги тезлиги 35 м/сонияни ташкил қилмоқда. Яньчэн шаҳридаги бу қуюн 1966 йилдан бери энг кучлиси бўлган.