Италиянинг Lamborghini компанияси Aventador суперкарининг махсус намунасини ишлаб чиқди. У, Miura моделининг эллик йиллигига бағишланган. Aventador Miura Homage Гудвуддаги "Тезлик" фестивалида намойиш этилади. 

Янги маҳсулотни, Италия автомобиль маркасини жилолаш билан шуғулланувчи Ad Personam ишлаб чиққан. Суперкарни Rosso Aranico, Verde Scandal ва Blu Tahiti тусларида буюртма бериш мумкин бўлади.

Купе модели учун, шунингдек, кумуш ва тилларангли дисклар ҳам чиқарилади. Унинг салонида қоратусли Nero Ade чарми ёки малларангли Terra Familia чарми билан тортилган ўриндиқлар ўрнатилган. 

Lamborghini Aventador Miura Homage 12 цилиндрли, 6,5-литр ҳажмга эга мотор билан жиҳозланган. У, суперкарни 700 от кучи билан таъминлай олади. 

Двигатель 7 босқичли автоматик узатмалар қутиси билан ишлайди. Суперкар 100 километр тезликка 2,9 сонияда чиқа олади. Унинг энг юқори тезлиги соатига 350 кмни ташкил этади. 

Айтиш жоизки, Lamborghini Aventador Miura Homage 50 дона ишлаб чиқарилади. Ҳозирча, унинг нархи эълон қилинмаган.