Қалбларга чексиз сурур бахш этгувчи муққаддас Рамазон ойи кўнгилларга ажиб бир хотиржамлик солмоқда. Шу улуғ кунларда саодатдан умидвор ҳар мўмин рўза тутиб, ибодатлар тўкислигига интилмоқда. Юртимиздаги барча масжидларда ушбу ойга бағишланган ибодат маросимлари юксак кўтаринкилик ва кенг шароитлар асосида ўтказилмоқда. 

Қувонарлиси шундаки, Моҳи Рамазоннинг 19-куни, яъни 23 июнь санасида Шайхонтоҳур туманидаги Шайх Зайниддин масжидига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ташриф буюрдилар. 

Муфтий ҳазратлари жоме масжидида Хатми Қуръонни адо этиб бераётган ҳофизи Қуръонларга, шунингдек, ибодат маросимларининг ҳар томонлама чиройли ўтишига ўз ҳиссасини қўшаётган масъулларга миннатдорлик билдирдилар. Шунингдек, бугунги Неъматларга шукр қилишликка, тинчлик йўлида доимо огоҳ бўлмоқликка чақирди. 

Муфтий ҳазратлари намозхонларга барча ютуқларимиз асоси бўлган тинчлик ва фаровонлик неъмати, эътиқод мустаҳкамлиги, шукроналик сингари мавзуларда маъруза қилдилар. Ватанимизнинг янада равнақ топиши, юртимизнинг абадий тинчлиги, ободлиги ва ҳаётимизнинг янада фаровон бўлишини тилаб, дуо қилдилар. 

Шайх Зайниддин жоме масжиди матбуот хизмати