1979 йилда Тошкент вилоятида туғилган, икки нафар фарзанднинг отаси, муқаддам судланмаган, “Тошшаҳартрансхизмат” Акциядорлик компанияси автосаройларидан бирида автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлаб келаётган Дилмурод Ҳайдаров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида бугун суднинг қора курсисига етиб келишга арзирли кўнгилсиз ҳолатларга сабабчи бўлди. Бу ҳақда “Огоҳ” нашри ёзмоқда. 

Пойтахтимизнинг Юнусобод тумани ҳудудида қатнайдиган йўналишлардан бирида автобус бошқариб, аҳолининг узоғини яқин қилишга бел боғлаган Дилмурод ўша куни ҳавонинг иссиқлигини билган ҳолда тўла даражада соз бўлмаган автобусни бошқариб йўлга отланади. Унинг мақсади йўловчиларни соғ-омон манзилларига етказиб қўйиш, кечқурун ўзи ҳам юзи ёруғ ҳолатда раҳбарларига кунлик ҳисоботини топшириб, оиласи бағрига қайтиш эди. Аммо ўша куни унинг шошқалоқлиги ёки ўйламасдан қилган ҳаракатлари йўловчиларга қимматга тушди. 

Бу воқеа ўтган йилнинг баҳор ойи бошларида содир бўлди. Дилмурод Ҳайдаров ҳар кунгидек эрталаб туриб ишга отланди. Кун қизиб борарди. Ўз йўналишида хизмат олиб бораётган Дилмурод кун тиккага келган яъни соат 14:00ларда туманнинг Иттифоқ кўчасидаги йўналиш бўйлаб ҳаракатланиб бораётганида автобус салонидаги мослама(датчик) орқали сувнинг ҳарорати кўтарилганлигини кўради ва автобусни йўл четида тўхтатади. Иссиқ сувнинг ҳавосини чиқариб юбориш мақсадида автобуснинг салонида жойлашган сув радиатор қопқоғини бураб очади. Қайнаб ётган сув эса чор атрофга сачраб отилиб чиқа бошлайди. Бунга автобус салонида бўлган, қўлида ёш бола билан автобуснинг биринчи жойида ўтирган йўловчи 1968 йилда туғилган, Юнусобод туманида яшовчи фуқаро Маликахон Муродова ва унинг тўрт ёшли набираси Самирахон отилиб чиққан сувдан куйиш жароҳатини олишади.

Ҳайдовчи Дилмурод Ҳайдаров бундай вақтларда хавфсизлик чораларини қўллаган ҳолатда автобус салонидаги йўловчиларни пастга тушириши, автобуснинг носозлиги ҳақида нозимхона вакилигига хабар бериши, ўзбошимчалик билан автобусни тузатишга уринмаслиги керак эди. Ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида икки нафар йўловчининг, қолаверса, ўзининг ҳам куйиш оқибатида тан жароҳатлари олишларига сабабчи бўлиб қолади. 

Шундай қилиб, бугун ҳеч кимга ёмонлик тиламаган ҳолатда айбсиз айбдор бўлиб қолган Дилмурод ўйламай қилган ишидан минг бор пушаймон бўлди. Куйиш жароҳати оғирлиги сабабли бу икки нафар фуқаро ҳам Дилмурод ҳам шифохонада даволаниб чиқишди.