Эроннинг Iran Air авиакомпанияси ва АҚШнинг Boeing концерни ўртасидаги битим умумий қиймати 17,6 млрд доллар бўлган 80 та самолёт етказиб беришни ўз ичига олади. Бу ҳақда Boeing’нинг хатига иқтибос келтирган ҳолда The Wall Street Journal нашри хабар бермоқда. 

Нашрнинг таъкидлашича, самолётлар 2017 йилдан 2025 йилгача етказиб берилади. Boeing, шунингдек, Эрон авиакомпаниясига 27 та самолётни ижарага олишни расмийлаштиришда ёрдам беришни режалаштирмоқда. Самолётларнинг тури ва моделлари маълум қилинмаган.

Аввалроқ компаниялар АҚШ компанияси Эронга янги самолётлар етказиб бериши бўйича ўзаро ҳамфикрлик меморандумини имзолашганди. Унга кўра, Boeing Эрон авиакомпаниясига 737 Next Generation ҳамда 300ER ва 777 сериясидаги бир қатор самолётларни етказиб беради. Битим сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага бериш шаклида ўтказилади. Унинг ўтказилиши учун иккала компания ҳам АҚШ ва Эрон ҳукуматининг розилигини олиши керак.