Осиёлик миллионерлар сони Шимолий Америка, Европа ва дунёнинг бошқа минтақаларидаги миллионерлар сонидан ўзиб кетди. Бу ҳақида Capgemini молиявий фирмасининг World Wealth Report баёнотида маълум қилинди. 

Ўтган йили Осиё-Тинч океани минтақасидаги бадавлат кишилар сони  9,4 фоиз - 5,1 миллион кишига ўсган (Шимолий Америкада - 2 фоиз - 4,8 миллионгача). Бунда осиёлик миллионерларнинг молиявий ҳолати 9,9 фоиз - 17,4 триллион долларга ошган (таққослаш учун Шимолий Америка ишбилармонларининг молиявий ҳолати 16,6 триллион доллар). 

Агар алоҳида мамлакатларга тўхталадиган бўлсак, бу ерда аввалгидек АҚШ сезиларли фарқ билан етакчилик қилмоқда. Ўтган йили миллионерлар сони 2 фоизга ошган ва 4,46 миллион кишини ташкил қилган. Қўшма Штатлардан кейинги ўринда Япония (2,7 миллион миллионер), Германия (1,2 миллион миллионер) ва Хитой (1 миллион миллионер) қайд этилган. Бутун дунё миллионерларининг 61 фоизи юқоридаги тўрт давлат улушига тўғри келади.