2016 йил 22 июнь куни Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусейн бошчилигидаги тўққиз кишилик делегация Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди. 

Олий тоифали меҳмон дастлаб, ҳадис илмининг султони, Бухорий ҳазратларининг қабрини зиёрат этиб, у кишига бўлган юксак эҳтиромини билдирди.

Сўнг мажмуа тарихи билан танишиб, унинг мустақилликдан олдинги ва кейинги ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни диққат билан тинглади. Айниқса, сўнги йилларда олиб борилган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари борасида илиқ фикрлар билдирди. Дунё аҳли тан олган буюк имомга кўрсатилаётган давлат даражасидаги эътибордан беҳад шодланган Мамнун Ҳусейн ҳазратлари мажмуани зиёрат қилар экан, маҳобатли мақбарани, серфайз ҳовлию, салобатли масжидни кўриб, Ўзбекистонда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди. Кўплаб уламоларга бешик бўлган Ўзбекистон диёри бугун ҳам Ислом дини ривожига ҳисса қўшиб, дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин топиб бораётганини таъкидлади.

Юқори мартабали меҳмон мажмуадаги тарихий чинорлар остида мажмуанинг ташриф китобига ўзининг эзгу тилакларини ёзиб қолдирди ва масжид имомига Қуръони карим китобини совға қилди.

Фото: religions.uz