Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмероннинг, мамлакат ЕИдан чиқса, "Путин ўзини бахтиёр ҳис қилади", деган сўзлари - Бирлашган Қироллик ижтимоий фикрига таъсир этиш учун нотўғри уринишдир. ШҲТ саммитида иштирокини тамомлар экан, Тошкентга сафарини якунлаётган РФ президенти Владимир Путин шундай фикрларни билдирган. 

"Фикримча, бундай чиқишлар Британия аҳолиси қарашига таъсир этиш борасида самарасиз уринишдир. Аммо кўринишидан бу ҳам натижа келтирмаган. Айниқса, овоз беришдан сўнг, Россиянинг қандайдир фикри ҳақида баёнот беришга, ўйлашимча, ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Бу сиёсий маданият даражасининг пастлигини кўрсатади, холос", - деган Путин.

Россия давлат раҳбарининг қайд этишича, расмий Москва Буюк Британиянинг ЕИдан чиқиши борасида қарашини ҳам билдирмаган, аралашмаган ҳам. 

"Ўйлайманки, биз ўзимизни тўғри тутдик. Нима бўлаётганини диққат билан кузатдик, аммо бу жараёнга бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатмадик. Ҳатто бундай қилишга уринмадик ҳам", - деган Владимир Путин.

Унинг қўшимча қилишича, Кэмероннинг баёноти ҳеч қандай асосга эга эмас.

Фото: ТАСС