Шотландия ҳукумати мустақиллик ҳақида референдум ўтказиш учун қонунчилик базаси ишлаб чиқишга киришади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Никола Стержен маълум қилди.

Стерженнинг сўзларига кўра, ҳужжатларни тайёрлашдан олдин парламент бундай референдум Шотландиянинг ЕИ таркибида ва ягона Европа бозорида қолиши энг яхши йўл экани ҳақида қарорга келиши керак.

Шотландия аҳолисининг катта қисми 23 июнь кунги референдумда Бирлашган қиролликнинг ЕИда қолиши учун овоз берди. Хусусан, шотландларнинг 62 фоизи иттифоқ таркибида қолишни ёқлаб овоз берган бўлса, 38 фоизи бунга қарши чиқди.

Бундан олдинроқ Никола Стержен Буюк Британиянинг Евроиттифоқдан чиқиши бўйича референдум натижаларидан қатъи назар, Шотландия ўзини Европа Иттифоқи аъзоси сифатида кўраётганини маълум қилганди.

"Шотландия ўз келажагини Европа Иттифоқи доирасида кўраётганини очиқ билдирди. Шотландия ўз сўзини айтди ва бу сўзни қатъий оҳангда айтди", деганди Стержен.

Шотландияда Буюк Британиядан мустақил бўлиш ҳақидаги референдум 2014 йилда ҳам ўтказилганди. Ўшанда иштирокчиларнинг 50 фоиздан ортиқроғи Шотландиянинг Буюк Британия таркибида қолишини ёқлашганди.

23 июнь куни Буюк Британияда мамлакатнинг Европа Иттифоқи таркибида қолиш-қолмаслиги масаласида референдум ўтказилди. Brexit тарафдорлари, яъни, Иттифоқ таркибидан чиқиш истагидагилар 51,9 фоиз овоз (17,1 миллион киши) билан ғолиб чиқди. Референдумда давомат 72,1 фоиз бўлди.

Овоз бериш натижалари тўғрисидаги янгиликлар ортидан фонд биржаларида қулашлар кузатилди, фунт стерлингнинг долларга нисбатан курси сўнгги 30 йил давомида энг паст қийматга тушди.

Референдум натижалари эълон қилингач, мамлакат бош вазири, ЕИда қолиш тарафдори бўлган Дэвид Кэмерон истеъфога чиқиши ҳақида эълон қилди.

Референдум юридик жиҳатдан мажбурий аҳамиятга эга эмас, яъни ҳукумат мамлакат тақдирини мустақил ҳал қилиши мумкин. ЕИ таркибидан чиқиш қарори тасдиқланганида ҳам, мамлакат иттифоқ таркибидан тўлиқ чиқиши учун бир неча йиллар керак бўлади: Лондон ЕИнинг ҳар бир аъзоси билан алоҳида яшаш шартларини келишиб олишига тўғри келади.

Шимолий Ирландияда Британиядан ажралиб чиқиш бўйича референдум ўтказилиши мумкин

Фото: GETTY