Буюк Британиянинг ЕИ таркибидан чиқишини хоҳламаётганлар, ушбу масала бўйича янги референдум ўтказиш ғоясини илгари сурмоқда. Шу мазмундаги петиция Бирлашган Қироллик сайтида жойлаштирилган. 

«Биз ҳукуматга, ЕИдан чиқиш ёки унда қолишни ёқловчилар сони 60 фоиздан кам бўлса, сайловчилар сони 75 фоиздан ошмаса, янги референдум ўтказиш лозим, деган қоидани қўллашни таклиф этамиз», — дейилади матнда. Ушбу эслатма чиққан вақтда, петицияга 510 минг 501 киши имзо қўйган. Бу рақам талаб қилинган имзолардан 5 баравар кўп демакдир. 

24 июнь куни Brexit’ни хоҳламайдиганлар Лондон шаҳри мэри Содиқ Хонга ҳам ўз петицияларини билдирган эди. Улар Лондон шаҳрини мустақил давлат, дея эълон қилишни тавсия этишган. Ҳужжат муаллифи, Жеймс О'Мэллининг сўзларига кўра, Лондон — «бутун дунё шаҳри», шу боис у Европа маркази бўлиб қолиши лозим. Change.org сайтига жойлаштирилган мурожаатни 100 мингга яқин киши имзолашга улгурган. 

23 июнь куни Буюк Британияда мамлакатнинг ЕИда қолиши ёки чиқишига ойдинлик киритувчи умумхалқ овоз бериш жараёни бўлиб ўтди. Унда кичик фарқ билан Brexit тарафдорлари устунлик қилишди. Сайловчиларнинг 51,9 фоизи Бирлашган Қиролликнинг ташкилотдан чиқишини маъқуллаган. Умумий овоз берувчилар сони 72 фоизни ташкил этган. Умуман референдумда 33,5 миллион киши иштирок этган.

Мамлакатнинг аксар ҳудудларидан фарқли равишда, Лондон шаҳрининг 60 фоиздан кўпроғи, Британиянинг ЕИда қолишини ёқлашган.

фото:Google image