28-29 июнь кунлари Европа Иттифоқига аъзо мамлакат раҳбарларининг саммити бўлиб ўтади. Унда Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи сафларидан чиқиши билан боғлиқ масала муҳокама қилинади. Европа Иттифоқи тузилмаларининг раҳбарлари Буюк Британияда бўлиб ўтган референдумда мамлакатнинг Европа Иттифоқи сафларидан чиқиши борасида қабул қилинган қарордан афсусда эканини айтишмоқда. Эндиликда Европа раҳбарлари Буюк Британия билан алоқалар қай йўсинда йўлга қуйилиши борасида ўйлашлари керак бўлади.

Кузатувчиларнинг фикрича, аввалига Брюсселда референдум натижалари шундай якунланишига ҳеч ким ишонмаган эди. Чунки Буюк Британиянинг Европа Иттифоқига аъзолиги сақланиб қолиши учун ўтказилган ташвиқот ишларига катта куч ташланган эди. Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг раҳбарлари билан Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон ўтказган музокораларида улар референдум натижалари қандай бўлишидан қатьий назар уни қўллаб-қувватлашларини айтишган. Бунинг учун Дэвид Кэмерон уларга миннадорчилик билдирди. Жума куни Британия бош вазири Европа Кенгаши президенти Дональд Туск, Еврокомиссия раиси Жан-Клод Юнкер, Германия канцлери Ангела Меркель, Франция президенти Франсуа Олланд, Италия бош вазири Маттео Ренци, Ирландия бош вазири Энда Кенни ва Нидерландия бош вазири Марк Рютте билан телефон орқали суҳбатлашди. Уларнинг ҳаммаси бундан кейин ҳам Буюк Британияни қўллаб-қувватлашларини билдиришган.

Шу билан бирга Европа Иттифоқи тузилмаларининг раҳбарлари британияликларнинг қарорини хурмат қилишларини таъкидлашмоқда. Улар “эндиликда Европа Иттифоқи Буюк Британия билан алоқалари қандай бўлиши керак?” деган масалани муҳокама қилишмоқда. Еврокомиссия раҳбари Жан-Клод Юнкер, Европа Кенгаши раиси Дональд Туск, Европарламент спикери Мартин Шульц ва Европа Иттифоқига раислик қилаётган Нидерландия бош вазири Марк Рютте қўшма баёнот қабул қилдилар. Унда Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи сафларидан чиқиши билан боғлиқ жараён чўзилиб кетмаслиги айтилади.

Европа Иттифоқи сафларидан чиққанига қарамай Буюк Британия жахондаги етакчи кучлардлан бири бўлиб қолаверади. Бу хақда Буюк Британиянинг БМТдаги доимий вакили Мэттью Райкрофт баёнот берди. Унинг айтишича, мамлакатни Европа Иттифоқи сафларидан чиқиш жараёнлари икки йил давом этиши мумкин. Шу давр мабойнида Буюк Британия Европа Иттифоқининг тўлақонли аъзоси бўлиб қолверади.

Айни дамда “Иттифоқ сафларидан чиқиши борасида Лондон қачон расман мурожаат қилади?”, деган савол ўртага ташланмоқда. Таҳлилчилар бу жараён имкон қадар тезроқ бошланиб, тезроқ якунланиши лозимлигини таъкидлашади. Музокоралар чўзилиб кетгудек бўлса, у ҳолда Европадаги сиёсий ва молиявий барқарорликка зиён етиши мумкин экан.

Буюк Британия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар хуқуқий ва савдо-сотиқ нуқтаи назаридан ўзгармайди. Лиссабон Битимининг 50 моддаси Музокоралар жараёни тугагунга қадар амалда бўлади. Эслатиб ўтамиз, Битимнинг 50 моддасига кўра Буюк Британия Европа Иттифоқи сафларидан чиқиши борасида расман ариза бериши керак. Ариза берилгандан кейин музокоралар жараёни икки йил давом этади. Айни шу муддат тугаганидан кейингина Буюк Британия Европа Иттифоқидан расман чиққан бўлади. Бироқ икки йилдан кейин муддат яна узайтирилиши мумкин. Ҳозирча Лондон Европа Иттифоқига ариза билан расман мурожаат қилмади. Қачон ариза бериши ҳам номаълум. Шу сабабли ҳам Буюк Британия Европа Иттифоқининг аъзоси сифатида ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажариб турибди. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, 50 моддага биноан Европа Иттифиқини тарк этган мамлакат маълум муддат ўтгач, яна қайтадан аъзо бўлиб кириш учун ариза бериши мумкин.

Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи сафларидан чиқишига қарши бўлганлар яна қайтадан референдум ўтказилиши лозимлигини таъкидлашмоқда. Бунинг учун имзо тўплаш бошланди. Уларнинг фикрича, сайловда овоз бериш хуқуқига эга бўлганларнинг 75 фоизи иштирок этган ва уларнинг 60 фоизидан камроғи у ёки бу қарорни қўллаб-қувватлаганда жорий этиладиган қоидалар ишга туширилиши лозим. Бу қоидаларга кўра яна бир овоз бериш тадбирини ўтказиш мумкин. Айни дамда мазкур петицияга зарур бўлган имзодан 100 мингта кўп, яъни 515 минг 811 киши имзо чекди.

Буюк Британиянинг Европ Итифоқи таркибидан чиқиши борасида қабул қилинган қарор бу бош вазир Дэвид Кэмероннинг шахсий хатоси оқибатида юз берди. Бу хақда Цифрли иқтисод ва жамоатчилик бўйича еврокомиссар Гюнтер Эттингер Euronews телеканалига берган интервьюсида таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, референдумда қабул қилинган қарор Буюк Британия иқтисодиётига зарар етказади. Яъни Европа Иттифоқи сафларидан чиққан Буюк Британия Европа умумий бозорини ҳам тарк этади. Тўғри, референдум тавсия аҳамиятига эга бўлиб, хукумат бу масалани парламент хукмига тақдим қилиши мумкин. Парламент эса халқ фикрини инобатга олиши ёки олмай ўз қарорини чиқариши ҳам мумкин. Шунингдек, қайтадан референдум ўтказилиши хам мумкин. Бироқ бош вазир Дэвид Кэмерон Европа Иттифоқи сафларидан чиқиш борасидаги халқ фикрини инобатга олишга ваъда берди.

Буюк Британиянинг Европа Иттифқи сафларидан чиқиши охир оқибат Иттифоқининг мустахкамланишига сабаб бўлади. Бу хақда Словения бош вазири Мирослав Церар баёнот берди. Унинг фикрича, аввалига халқаро молия бозорларида ноаниқликлар кузатилиши мумкин. Кейин эса Европа Иттифоқи жипслашади ва янгиланади. Бош вазир ўз сўзида Словения ҳамиша Европа Иттифоқининг мустаҳкамланиши тарафдори бўлиб келганини таъкидлаб ўтди.

23 июнь куни Буюк Британияда бўлиб ўтган референдум натижалари мамлакатнинг таркибий қисми бўлмиш Шотландияда нохушлик билан кутиб олинди. Маълумки, Шотландия ўз келажаги Европа Иттифоқи билан боғланишини ҳоҳлайди. Шу сабабли Шотландияда Буюк Британиядан ажралиб чиқиш масаласида яна референдум ўтказилиш эҳтимоли бор деган фикрлар ўртага ташланмоқда. Бу ҳақда минтақа хукумати раҳбари Никола Стерджен маълум қилди. Эслатиб ўтамиз, 2014 йилнинг сентябр ойида бўлиб ўтган референдумда сайловчиларнинг 55 фоизи мустақилликка қарши овоз берган эди. Ўшанда овоз берувчиларнинг кўпчилиги Шотландиянинг Европа Иттифоқидан ажралиб чиқишини хоҳламаган эди. Энди аҳоли ўз фикрларини ўзгартирши мумкин.

Шимолий Ирландия хам Шотландиядан ўрнак олган ҳолда Буюк Британия таркибидан чиқиш борасида референдум ўтказиши мумкин. Бу хақда Буюк Британиядаги Politics First журналининг бош муҳаррири Маркус Пападопулос маълум қилди.

Испаниядаги ўнг Respeto ("Хурмат") партияси мамлакатда Европа Иттифоқига аъзолик масаласида референдум ўтказилиши лозимлиги юзасидан баёнот берди. Бу каби референдумлар Франция, Нидерландия, Австрия, Венгрия ва Финляндия ҳам ўтказилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Ўн бир муқаддам Европа интеграция тарихида янги жараён бошланган эди. 2004- 2007 йилларда Европа Иттифоқи чегаралари Польша, Венгрия, Чехия ва Болтиқбўйи мамлакатларининг қўшиб олиниши ҳисобига шарқ томон, Кипр, Болгария, Руминия, Мальтанинг қўшилиши ҳисобига жануб томон кенгайди. Энди эса Европа Иттифоқи сафларидан чиқиш жараёнлари бошлангандек.

Европа Иттифоқига аъзолик масаласида интиҳонинг ибтидосими ёки ибтидонинг интиҳосими, буни вақт кўрсатади.

Шарофиддин Тўлаганов.

Сурат gursesintour.com