Шимолий Корея, БМТ ХК томонидан Пхеньяннинг сўнгги ракета синовларини танқид қилиб берилган баёнотни рад этди, деб хабар қилмоқда Жанубий Кореянинг «Ренхап» агентлиги. 

Маҳаллий ОАВ Шимолий Корея ТИВ раддиясини эълон қилган. Унда, ушбу синовлардан кўзланган мақсад, мамлакат хавфсизлигини таъминлашга кифоя қиладиган мудофаа тизимини барпо этишдан иборат, деган фикрлар билдирилган. 

«Биз, БМТ ХКнинг нохолис ва икки хил стандартлар асосида ёзилган хабарномасини тўлиқ рад этамиз. Чунки, Корея яриморолидаги зиддият кескинлашувининг бош сабабчиси АҚШдир», — дейилади ТИВ баёнотида. 

Расмий Пхеньян, мамлакат иқтисодиётни ривожлантириш ва ядро кучларини мустаҳкамлаш учун ҳам баллистик ракеталар синови ўтказилаётганини таъкидлаган. 

Эслатиб ўтамиз, Шимолий Корея ўрта масофага уча оладиган «Мусудан» таснифидаги баллистик ракетаси синовини ўтказган эди. Мамлакат марказий телевидениеси унинг муваффақиятли ўтгани ва ракеталар "Hwasong-10" деб номлангани ҳақида хабар қилган эди.

 

 

Фото: Reuters