Ўзбекистонда «Фавқулодда ҳолат тўғрисида» қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди. Ҳужжат матни интерактив давлат хизматлари ягона порталига жойланган.

Унда қайд этилишича, фавқулодда ҳолат, маълум бир вазиятга барҳам бериш, Ўзбекистон конституцион тузуми муҳофазасини таъминлаш, ҳудудий яхлитлиги, жамоат хавфсизлиги, мамлакат фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинлари, қонуний манфаатлари ҳамда хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилиши мумкин. 

Шу билан бирга, мамлакатнинг бир қисмида ёки барча ҳудудида фавқулодда ҳолат Президент қарори билан жорий этилиши, қарор 3 кун ичида Олий Мажлис палаталарига тасдиқлаш учун киритилиши, шу муддат давомида Президент қарори тасдиқланмаса, ўз кучини йўқотиши қайд этилган. 

Лойиҳада, шунингдек, Фавқулодда ҳолат жорий қилишга сабаб бўлувчи омилларга, унинг муддати ва узайтирилиш шартларига ҳам ойдинлик киритилган. 

Фавқулодда ҳолат тартибини таъминлаш мақсадида ИИВ, МХХ ва ФВВ кучларидан фойдаланилади. Истисно ҳолларда, Давлат раҳбари қарори асосида Қуролли кучлар ҳам жалб этилиши мумкин, дейилади лойиҳа матнида. 

Ҳужжатда, мамлакат ҳудудида фавқулодда суд маҳкамалари ташкил этиш тақиқланиши ҳам уқдирилган. 

Бундан ташқари, лойиҳага фавқулодда ҳолатлар вақтида фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчлари хусусида бандлар киритилган. 

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

 

Фото: МЧС Узбекистана