Буюк Британияда мамлакатнинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқишини аниқ қилиб қўйган референдум натижаларини қайта кўриб чиқиш ҳақида тузилган петицияни 1 кун ичида 3 миллиондан ортиқ киши маъқуллаб, ўз имзосини қолдирди

Бу петиция мамлакат парламенти томонидан кўриб чиқилиши учун 100 минг кишининг имзоси ҳам кифоя қиларди.

«Биз, қуйида имзо чекканлар, ҳукуматни сайловчиларнинг 75 фоизидан камроқ қисми иштирок этган тақдирда ҳар икки томон ҳам 60 фоиздан кам овоз тўпласа, референдум қайта ўтказилиши лозимлигини белгиловчи қоидани қўллашга чақирамиз», — дейилган ушбу ҳужжатда.

24 июнь куни Brexit тарафдорлари Лондон шаҳри мэри Содиқ Хон номига петиция билан чиқишган ва мэрдан Буюк Британия пойтахтини мустақил давлат сифатида эълон қилишни талаб этишганди. Change.org сайтига жойланган ушбу мурожаатга 160 мингдан ортиқ киши имзо қўйган.

Буюк Британиянинг ЕИ таркибидан чиқиши бўйича референдум 23 июнь куни бўлиб ўтди. Унда Brexit тарафдорлари минимал устунлик билан ғалаба қозонди: сайловчиларнинг 51,9 фоизи ЕИдан чиқишни ёқлаб овоз берди, 48,1 фоизи бунга қарши чиқди.

Лондон шаҳрида истиқомат қилувчиларнинг 60 фоизидан ортиғи референдумда мамлакатнинг ЕИда қолишини ёқлаб овоз берганди.