25 июнь куни Исландияда президентлик сайловлари бошланди. Nordic News хабарига кўра, сайловда Гудни Йоханссон етакчилик қилмоқда.

Бюллетенларнинг бир қисми ҳисоблаб чиқилган ҳолатда касби тарихчи бўлган Йоханссон сайловчиларнинг 37,8 фоиз овозини олган ҳолда етакчилик қилмоқда. Унинг асосий рақиби тадбиркор Халл Томасдоттир эса 29,8 фоиз овоз тўплаган.

Мамлакатнинг собиқ бош вазири ва Morgunbladid газетаси муҳаррири Давид Оддссон, шунингдек ёзувчи ва атроф-муҳит ҳимоячиси Андри Снайр Магнасонда ғолиб чиқиш учун имконият қолмаган.

Эслатиб ўтамиз, 20 йил давомида орол-давлат раҳбари лавозимини эгаллаб келган Исландия президенти Олавур Рагнар Гримссон сайловларда олтинчи бор иштирок этишдан воз кечди. Бунга журналистлар унинг турмуш ўртоғи, Бухоро яҳудийларига мансуб Муссайеффлар (Мусаевлар) оиласи вакили Доррит Муссайефф офшор компаниялари билан боғлиқлигини аниқлагани сабаб бўлгани билдирилганди.