Якшанба куни таъмирланган Панама каналининг очилиш маросимлари бўлиб ўтмоқда. Тўққиз йил давом этган таъмирлаш ишлари якунланди. Бугунги тадбирда хорижлик меҳмонлар ҳам қатнашмоқда. Таъмирланган каналдан илк бор Хитойнинг контейнеровоз кемаси ўтди.

Панама каналини кенгайтириш ишлари 2007 йилда бошланган бўлиб, шартномага биноан 2015 йилга бориб якунланиши керак эди. Лойиҳанинг умумий қиймати 5,3 миллиард доллар (4 миллиард евро) деб белгиланган. Кенгайтирилганидан кейин каналнинг кемаларни қабул қилиш имконияти икки баробар ортади.

Бугунги кунда Панама канали орқали жахон савдо юкларининг 5%, АҚШга тегишли юкларнинг 16% олиб ўтилади. Бироқ тахлилчилар канал замон талабларига жавоб бермаётганини айтиб келишади.

Канал қурилишига назар ташлайдиган бўлсак, унинг тарихи 500 йилга бориб тақалади. 1534 йилда Испания қироли Карлос V Атлантика ва Тинч океанларини ўзаро боғловчи канал қурилиши борасида фармойиш берган эди. У Тинч океан сохилларидаги инкларга тегишли олтинларни Атлантика океани қирғоқларига олиб келиш ва ундан кейин Испанияга элтиш мақсадида иккита океанни бирлаштиришни орзу қилган эди. Бироқ қиролнинг бу орзуси орадан 350 йил ўтиб амалга ошди.

Океанларни ўзаро боғловчи канал қуриш лойиҳаси илк бор XVI аср бошларида Альваро де Сааведра Седрон (ёки Серон) томонидан ишлаб чиқилди. Орадан кўп ўтмай Испания қироли Филипп II Панамага инженер Антонеллини жўнатади. Бироқ Антонелли Испанияга қуруқ қўл билан қайтади. Унинг фикрича, баланд тоғлар сабаб Панамада канал қуришнинг имкони йўқ экан.

Бу лойиҳага XIX аср ўрталарида яна қизиқиш пайдо бўлди. Франциянинг "Август Соломон ва К°" фирмаси хукуматга мурожаат қилиб, бу лойиҳани хаётга татбиқ қилиш учун маблағ топиш ва бу лойиҳага Россияни ҳам жалб қилиш зарурлигини маълум қилди. Россия хукумати канал қурилиши борасида Франция билан ҳамкоррлик қилишга тайёрлигини билдирди. Бироқ масофанинг узоқлиги ва маблағ йўқлиги сабаб ҳамкорлик қилишнинг имкони бўлмади.

Янги Гранада хукумати 1838 йилнинг 30 май куни қабул қилган Декретда бир қатор шартлар белгилаб қўйилди. Унда иккита океанни боғловчи темир йўл ва автомобил йўлларини қуриш Франция компаниясига топширилиши ва 10 йил мобайнида фойдаланишга топширилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилади. 1846 йилда АҚШ хукумати Янги Гранада хукумати билан Битим имзолайди. Бу ҳужжатга кўра икки океанни боғловчи хар қандай йўлак Янги Гранада тегишли экани айтилади. 1855 йилда мазкур худудда темир йўл қурилиб, фойдаланишга топширилади. Бироқ темир йўлнинг фойдаланишга топширилиши мавжуд муаммоларни хал қилмади. Эндиликда денгиз кемаларининг йўлини яқин қилувчи канал қурилиши кун мавзусига айланди.

Шуни таъкидлаш керакки икки океанни боғловчи канал Нигарагуа худудлари орқали ўтиши ҳам лойиҳалаштирилган эди. Бироқ бу лойиҳа анча қимматга тушиши ҳисоблаб чиқилди. Адолат юзасидан айтиш керакки, Никарагуа худудлари орқали ўтадиган канал билан боғлиқ масала ҳамон мухокама қилиниб келинади.

Сувайш канали ижодкори бўлмиш француз инженери ва дипломати Фердинанд де Лессепс (Ferdinand Marie vicomte de Lesseps) 1879 йилда “Океанлараро канал қуриш умумкомпанияси”ни ташкил қилди. Орадан икки йил ўтиб Панамада канал қурилиши бошлаб юборилади. Бироқ молиявий қаллоблик ва ишдаги мураккабликлар туфайли унинг компанияси касодга учрайди. Бу майда акция эгаларининг ғазабини келтириб чиқарди. Тергов жараёнларидан сўнг Лессепс ва унинг ўғли Шарль 1893 йилнинг февраль ойида 5 йил озодликдан махрум қилиндилар. Канал қурилиши тўхтаб қолди.

АҚШ Ғарбий Ярим шар учун бу каналнинг жуда ҳам мухимлигини яхши ангаб етади ва 1902 йилда французлардан канал қуриш хуқуқини сотиб олади. 1903 йилнинг январь ойида АҚШ канал қуриш борасида Колумбия билан шартнома имзолашга уринади. Бироқ Колумбия сенати бу каби битимга қарши чиқади. Ўша йилнинг 3 ноябрь куни Панама Колумбия таркибидан ажралиб чиқиб, ўзини мустақил дея эълон қилади. Орадан кўп ўтмай, тўғрироғи 18 ноябрда Вашингтонда АҚШ ва Панама ўртасида Шартнома имзоланади. Унга кўра, Панама Атлантика океанидан то Тинч океанигача бўлган - кенглиги 10 миль (тахминан 16 километр) худудларини канал қуриш ва эксплуатация қилиш учун АҚШга бериши кўрсатиб ўтилади. Ана шундан сўнг қурилиш ишлари яна бошлаб юборилади.

Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда 400 миллион доллор сарфланиб, 1914 йил ўрталарида фойдаланишга топширилган канал қурилишига 75 мингдан ортиқ киши жалб қилинди. Улардан 20 минги тупроқ остида қолиб ёки тропик касаллик туфайли вафот этди. Канал орқали биринчи пароход 1914 йилнинг 15 август куни ўтди.

1999 йилнинг 31 декабрига қадар Панама канали ва унинг ён-атрофи тўлалигича АҚШга қарарди. Бу ерга АҚШнинг 35 мингга яқин фуқоролари ва харбийлари жойлаштирилган эди. АҚШ Панамага хар йили 250 минг доллар миқдорида ижара хақи тўлаб турарди. АҚШдаги сиёсий вазият ва Панама президенти генерал Омар Торрихос (Omar Efraín Torrijos Herrera)нинг саъй-харакатлари билан 1977 йилнинг 7 сентябрида Панама каналининг мақоми бўйича Шартнома имзоланади. Жимми Картер ва Омар Торрихос имзолаган ҳужжатга кўра, канал 1999 йилнинг 31 декабр куни Панама тасарруфига ўтиши белгилаб қўйилди. АҚШнинг энг сўнги аскари Панама каналини 1999 йилнинг 1 декабрь куни тарк этди.

Панама каналидан бир кунда ўртача 50та, бир йилда 14 мингта кема ўтади. Ҳар бир кеманинг каналдан ўтиши учун 8-9 соат сарфланади. Панама каналида 10 мингга яқин ишчи ва ходим ишлайди. 2006 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган референдумда канални кенгайтириш борасида қарор қабул қилинди. Бу иш тўртта- Sacyr Vallehermoso (Испания), Impregilo (Италия), Jan de Nul (Бельгия) ва Constructora Urbana (Панама) компанияларидан ташкил топган консорциумга топширилди. Лойиҳа харажатлари - $5,25 миллиард доллар деб белгиланди. Бу маблағнинг 2,3 миллиард доллари кредит экани кўрсатиб ўтилди. Канал кенгайтирилиши учун 7 мингдан ортиқ киши қурилиш ишига жалб қилинди.

Шарофиддин Тўлаганов