Ўзбекистон президенти фармонига мувофиқ тузилган “Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Жамоатчилик кенгаши”нинг қарори ва тавсиялари асосида “Умра-2016” Рамазон мавсуми ташкил этилди.

2016 йилнинг 25 июнь куни эрта тонг соат 08:50да ўзбекистонлик зиёратчиларнинг биринчи гуруҳи Тошкент–Жидда йўналишида умра амалларини адо этиш мақсадида Саудия Арабистонига жўнаб кетди.

“Умра-2016” Рамазон мавсумининг биринчи рейсида учиш Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм, Сирдарё ва Бухоро вилоятлари зиёратчиларига насиб этди. Уларга зиёрат давомида ўзбекистонлик тажрибали ишчи гуруҳи, гуруҳ раҳбарлари, шифокорлар ҳамда моҳир ошпазлар хизмат кўрсатади.

Зиёратчиларга Макка шаҳрида “Нама Мавадда” ва Мадина шаҳрида “Нур Мавадда” меҳмонхоналарида Саудия Арабистонидаги бир неча йиллик ҳамкор “ал-Ҳидоя” ширкати томонидан хизмат кўрсатилади.