Ёшлар ўртасида гиёҳвандликни олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда уларни маънавиятимизга зид бўлган турли салбий бўҳронлардан асраш мақсадида жорий йилнинг 26 июл куни Андижон шаҳри Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида “Ўзбекистон ёшлари гиёҳвандлик, терроризм ва диний экстремизмга қаршидир” шиори остида ёшлар фестивали ўтказилди.

Истироҳат боғида мазкур сана муносабати билан гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари акс эттирилган турли-хил кўргазмали қуроллар, тарқатма материал ва суръатлар кенг оммага намойиш этилди.

Куннинг иккинчи ярмида вилоятнинг фаол ёшлари расмий тадбир ҳамда концерт дастурини тамоша қилиш учун дам олиш масканидаги муҳташам амфитеатрга ташриф буюрдилар.

Тадбирни вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов очиб, юртимизда ёш авлод тарбиясига берилаётган катта эътибор, уларни ҳар томонлама мукаммал камол топишлари учун яратилган шароитлар тўғрисида сўзлаб, келажагимиз бўлган ёшларни жирканч иллатларга қарши маънавият ва маърифат кучи билан курашиш зарурлиги ҳақида гапирди. Фестивал давомида эл суйган санъаткорлар ўзларининг дилтортар қўшиқлари билан чиқишлар қилдилар.

Бир сўз билан айтганда, фестивал шижоатли ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат ва эзгулик туйғуларини юксак пардаларга кўтарди.

 

Элмурод ЭРМАТОВ, Абдурасул ҒУЛОМОВ, Андижон