Британиянинг 10 йиллик облигациялари даромадлилиги XVIII асрда бошланган кузатувлардан бери илк маротаба йиллик 1 фоиздан пастга тушиб кетди. Sky News телеканали шарҳловчиси Эд Конвей Twitterдаги микроблогида шу ҳақда сўз юритган.

Унинг айтишича, ҳозирча бу Британия ҳукуматига ишончсизликми ёки сармоядорларнинг янада таваккал активларни тарк этишими, аниқ эмас. 

Шу билан бирга, Forex бозоридаги фунт стерлинг курси 31 йилдаги энг қуйи кўрсаткичга тушиб кетган. 1 фунт 1,327 АҚШ долларига тенг бўлган. Конвейнинг сўзларига кўра, сармоядорлар Англия банкининг фоиз ставкаларини туширишига умид қилмоқда. 

Айтиш жоизки, Британияда ўтказилган референдумдан сўнг, жаҳон фонд бозорларида кескин қулашлар юз бермоқда. Глобал фонд бозорларини капиталлаштиришда 2 трлн доллар маблағ йўқотилган. Европа фонд бозорлари эса, 3-7 фоизга пасайиб кетган.

 

Фото: Frank Rumpenhorst