Ҳолландиялик мураббий Дик Адвокат Россия sport-express.ru сайтига берган интервьюсида терма жамоасига яна қайтишга қарши бўлмаслигини билдириб ўтди.

– Слуцкийнинг Россия терма жамоасидаги фаолиятини муҳокама қилмайман. Бу мен томондан ноҳақлик бўлади, ахир мен ҳам мураббийман. Бу мавзуда гапирадиган гапларим бор, аммо газета учун эмас. Мени тўғри тушунинг.

– Сиз қандай ўйлайсиз, унинг ўрнини ким эгаллаши мумкин?

– Жон омон бўлса – кўрамиз. Умид қиламанки, мистер Мутко тўғри танловни амалга оширади.

– Ҳиддинк Россияга қайтишга ва ёрдам беришга тайёр экани ҳақида маълум қилди. Бу яхши ғоями?

– Мен барчаси Муткога боғлиқлигини таъкидлайман.

– Агар сизни таклиф этишса, қабул қилган бўлармидингиз?

– Мен ҳозирда Нидерландия терма жамоасида Блиндга ёрдам бермоқдаман. Шунингдек, ўзим туғилиб ўсган шаҳар жамоаси «Ден Хааг»да маслаҳатчи сифатида ишлайман. Бу ердаги вазифам жамоатчилик билан ишлаш. Шунинг учун исталган вақтда кетишим мумкин. Агар шунга зарурат пайдо бўлса… Кимни ҳам алдардим? Албатта, Россия терма жамоасини яна қабул қилишга тайёрман!

– Кўпчиликнинг фикрича, 2012 йилги Россия терма жамоаси ўзининг энг яхши даврларидан бирини ўтказганди.

– Тўғрида, чунки ўшанда терма жамоага энг яхши мутахассис мураббий эди! (Кулади.) Агар 4 йил олдин ҳам Европа чемпионатида ҳозирги каби тизим бўлганида, Россия терма жамоаси муаммосиз кейинги босқичга чиққан бўларди. 4 йил олдин омадимиз келмаганди. Ахир жамоа барча 3 ўйинда ҳам яхши ўйнаганди! Чехлар билан ҳам, поляклар билан ҳам ва греклар билан ҳам! Бу фақат менинг фикрим эмас.

– Терма жамоамизга ўтган йиллар ичида нима бўлди?

– Бу ўринда ҳеч қандай фалокат ҳақида гапириш керак эмас! Сизда ҳозир ҳам савияли футболчилар бор ва улардан кейинги 2 йил ичида ажойиб жамоа тузиб, муваффақиятга эришса бўлади. Ёшлар билан ишлай оладиган мураббий топиш керак. Сизларда кўплаб ёш истеъдодлар бор. Шу билан бирга тажрибалилар ҳам етарли. Уларнинг барчаси ЦСКА, «Зенит», «Спартак» каби кучли жамоалар сафида тўп суришади. Улардан кучли жамоа тузса бўлади.

Катта босимга дош бера оладиган, шунингдек, индивидуал имкониятларга эга футболчиларни топиш керак. Унутмаслик керакки, терма жамоа ўз уйидаги жаҳон чемпионатида иштирок этади. Бу яхшигина устунлик беради.

Манба: Tribuna.uz