Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия самолёти Су-24 уриб туширилгани учун узр сўраб Россия президенти Владимир Путинга мактуб ёзган. Бу ҳақда президентнинг матбуот хизмати раҳбари Дмитрий Песков маълум қилди.

"Россия Федерацияси президенти Владимир Путинга Туркия президенти Эрдўғандан келган мурожаатда Туркия етакчиси Россия ҳарбий самолёти ҳалокати билан боғлиқ вазиятни изига туширишга қизиқиш билдирди", деди Песков.

Қайд этилишича, Туркия президенти ўз мактубида Су-24 учувчисининг ўлими учун ҳамдардлик билдирган.

Песковнинг таъкидлашича, Эрдўған мактубда "узр" сўзини ишлатган.

"Мен қурбон бўлган россиялик учувчи оиласига яна бир бор ўзимнинг ҳамдардлигимни изҳор қилиб, чуқур таъзия билдираман ва кечирим сўрайман. Бутун юрагим билан уларнинг дардига шерикман. Россиялик учувчи оиласини турк оиласи сифатида қабул қиламиз. Еткизилган қайғу ва зарарни қоплаш учун биз ҳар қандай ташаббусга таёрмиз", дея Эрдўғаннинг сўзларини келтиради матбуот хизмати.

Россия раҳбарига йўлланган мактубда Туркия раҳбари Анқаранинг Россия билан муносабатларни барбод қилишни истамаслиги ҳақида ҳам ёзилган.

Ўз хатида Эрдўған "Россия ва Туркия учун одатий бўлган дўстона муносабатларни тиклаш учун зарур бўлган барча ишни қилишга, шу билан бирга ҳудуддаги можароларни бартараф этиш учун биргаликда ҳаракат қилишга ҳамда террорчиликка қарши ҳамкорликка тайёр эканини" таъкидлаган.

Шунингдек, мурожаатда Эрдўған россиялик ҳарбийнинг ҳалокатига алоқадор Туркия фуқаросига нисбатан тергов ишлари давом этаётганини уқтиргани айтилган.

Бундан олдинроқ, Туркия бош вазири Биноли Йилдирим "Россия билан муносабатлар илиқлашиши" жараёни кетаётганини айтиб ўтганди.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 24 ноябрида Сурия ҳудудида Россия Ҳарбий-коинот кучларининг Су-24 русумли бомбардимончи самолёти туркияликлар томонидан уриб туширилганди. Туркия томони бу самолёт ўз ҳаво ҳудудини кесиб ўтганини иддао этди. Россия эса самолёт фақат Сурия ҳудудида бўлганини таъкидлади.

Путин ушбу воқеани "ортдан берилган зарба" деб атаган ва Туркияга қарши кенг кўламли иқтисодий санкциялар киритган эди.

Шундан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескин совуқлашди.