26 июнда Мадагаскар пойтахти Антананаривуда портлаш юз берди: Мадагаскарнинг Франциядан мустақил бўлишининг 56 йиллигига бағишланган стадиондаги бепул концерт вақтида граната портлади. Охирги маълумотларга кўра, воқеа оқибатида камида 2 киши: 16 ва 18 ёшли ўсмир ҳалок бўлган, 84 киши жароҳат олган. Жабрланганлар шифохоналарга етказилганлар.

Портлаш маҳаллий вақт билан соат 19:30ларда Махамасина стадионида юз берган.

Мамлакат бош вазири Махафалья Солонандрасана бўлиб ўтган воқеани теракт деб атади, президент Эри Радзаунаримампианина мамлакат қуролли кучларига аҳоли хавфсизлигини таъминлашни буюрди, деб хабар бермоқда Agence France-Press ахборот агентлиги.

Мамлакат президенти ушбу ҳужум учун жавобгарлик амалдаги ҳукуматнинг сиёсий рақиблари зиммасида эканлигини айтди.

"Бизнинг орамизда зиддиятлар бўлиши мумкин, бироқ бундай барқарорсизлаштириш ҳаракатларига чидаб бўлмайди", деб айтди мамлакат президенти миллий телевидение эфирида. Президент аҳолини осойишталикка чақирди, ҳукумат зўравонликка зўравонлик билан жавоб бермаслигини айтди. "Агар сизни етакчи қониқтирмаётган бўлса, сиз аҳолини ўлдиришга ҳаққингиз йўқ", деб таъкидлаб ўтди президент.

Ҳозирча теракт учун жавобгарликни ҳеч қайси ташкилот зиммасига олмаган. Ҳужумни ҳуқуқ-тартибот муассасалари тергов қилмоқда. Маълум қилинишича, теракт сабабли ҳозирча ҳеч қандай ҳибсга олишлар амалга оширилмаган.