Тошкентда гиёҳвандликка карши курашиш ойлиги доирасида «Биз гиёҳвандликка қаршимиз» шиори остида баскетбол, стол тенниси ва бадминтон бўйича мусобақа ўтказилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Тошкент шаҳар маданият ва спорт ишлари бош бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар олий спорт маҳорати мактаби томонидан ташкил этилган мусобақада юзга яқин ёш спортчи ўзаро баҳслашди.

Бадминтон баҳсларида Дмитрий Варзилов, Иван Баринов, Артем Борисов, Виктория Чумак, Ситора Юнусова, Барно Қосимжонова шоҳсупага кўтарилган бўлса, стол тенниси бўйича Самандар Расулов ва Любовь Абдиевага тенг келадигани топилмади.

Баскетбол бўйича Тошкент шаҳар олий спорт маҳорати мактаби жамоаси биринчи ўринни эгаллади.