Украина ҳукумати Россиядан электр энергия етказиб бериш кўринишида техник ёрдам сўради, деб хабар бермоқда RNS.

Аҳоли томонидан электр энергиянинг истеъмол қилинишининг кескин ошишига иссиқ ҳаво ҳамда мамлакатда атом ва иссиқлик электр станцияларининг таъмирланаётгани ва Донбассдан кўмир етказиб берилиши тўхтатилгандан кейин кўмир станциялари иши тўхтаб қолгани сабаб бўлмоқда.  

Таъкидланишича, Украина Россиядан 600 МВт электр энергия сўраган. 20 июндан 23 июнгача Украинада электр истеъмоли кондиционерлар ишлатилиши ва қишлоқ хўжалиги майдонларининг суғорилиши сабабли 16 ГВтдан 17,5 ГВтгача ошиб кетди.    

Ўтган йили худди шундай вазиятда Украина Россиянинг "Интер РАО" компанияси билан тижорий келишувга қайтганди, бироқ жорий йилда бунинг имкони йўқ, чунки томонлар шартномани узайтиришмаган.