Буюк Британияда ЕИдан чиқиш тўғрисида бўлиб ўтган референдумдан сўнг, Ирландия фуқаролигини олишни хоҳлаётган кишилар сони кескин равишда ошмоқда, деб ёзмоқда The Guardian газетаси.

Хабар қилинишича, сўнгги кунларда Google қидирув хизматига энг кўп берилган савол, "Ирландия паспортини олиш" бўлган. 

Бундан ташқари, Ирландия ташқи ишлар вазирлиги ҳам британияликларнинг Ирландия паспорти учун ариза топшириш ҳоллари кўпайганини қайд этган. Хусусан, Бирлашган Қиролликнинг айрим почта бўлинмаларида махсус шаклли қоғозлар тамом бўлган. 

Газетанинг ойдинлик киритишича, ота-онаси ёки аждодлари ирланд бўлган 5 млнга яқин британиялик Ирландия паспортини олиши мумкин. 

Бундан ташқари, ЕИнинг бошқа давлатлари паспортига ҳам эга бўлишни хоҳловчи британияликлар сони кўпайиб бормоқда. 

Айни вақтда, ЕИнинг айрим фуқаролари, Британияда яшаш ва ишлаш учун қўшимча рухсатларга эга бўлиши талаб этилмаса-да, Британия паспорти учун ариза топширишган.