Испания терма жамоаси Европа чемпионатини нимчорак финалда тарк этган бўлсада, бу терма жамоанинг олтин даври якунланганидан дарак бермайди. Бу фикр Испания бош мураббийи Висенте дель Боске томонидан Италияга қарши ўйиндан кейинги матбуот анжумани вақтида айтилган.

Испания 27 июнь оқшомида кечган учрашувда Италияга 0:2 ҳисобида ютқазди. Испанияликлар 2008 ва 2012 йилларда қитъада тенгсиз бўлишган, 2010 йилги Жаҳон чемпионатида ҳам бош совринга эга чиққанди.

"Испания футболининг олтин даври ҳали якунланмади. Тизим яхши йўлга қўйилган, кўплаб тажрибали футболчилар ортидан янада кўпроқ ёш истеъдодлар етишиб келмоқда. Шунчаки шуни тушиниш керакки, бундай миқёсдаги турнирларда узлуксиз ғалаба қилиш жуда қийин иш", деган дель Боске.

Мураббий ҳали лавозимида қолиш масаласини ҳал қилмагани ҳақида гапирган.

"Яқин кунларда федерация билан келажагим ҳақида гаплашиб оламан. Ҳозирча ҳеч қандай қарорга келганим йўқ. Ҳеч қандай ваъда бера олмайман", деган у.

Дель Боске Италия ҳақли равишда ғалабага эришганини эътироф этган.

"Иккинчи бўлимда биз биринчи бўлимдагига қараганда яхшироқ ўйнадик. Биз таваккал қилдик. Вазиятдан чиқиб кетишга уриндик. Лекин Италия ҳам ўз ўйинини кўрсата олди. Улар жуда самарали ҳаракат қилишди. Бу терма жамоа турнир фаворитларидан бири", деган мураббий.

Италия терма жамоаси чорак финалда Германияга қарши майдонга тушади. Бу жамоалар учрашуви 2 июль куни Бордо шаҳрида ўтказилади.