Starwood Hotels & Resorts Worldwide компанияси Кубада америкаликларнинг илк меҳмонхонасини очди. Бу ҳақда NBC News хабар тарқатди.

Тўрт юлдузли "Sheraton" номли бу меҳмонхона Кариб денгизи қирғоғида жойлашган.

"Бу тарихий лаҳза", дея ўз таассуротини блдирган меҳмонхона матбуот хизмати вакили Нэнси Сарабия.

У ушбу меҳмонхонани "биродарлик ва дўстлик" рамзи сифатида атаган.

АҚШнинг Куба билан муносабатлардаги эмбаргоси ўз кучида қолмоқда. Лекин Барак Обама маъмурияти савдо ва инвестициялар соҳасидаги чекловларни енгиллаштирган.

2014 йилнинг декабрида Вашингтон Куба билан муносабатлар илиқлаша бошлагани ҳақида маълум қилганди.

Starwood компанияси қурган меҳмонхона АҚШ ва Куба ўртасидаги илк йирик келишув бўлди.

Яқин вақт ичида меҳмонхонанинг барча номерлари банд қилиниши кутилмоқда.

Қайд этилишича, меҳмонхонада бир тунни ўтказиш 200 долларга тушади.