Аргентина терма жамоасининг собиқ футболчиси ва собиқ мураббийи ҳисобланадиган Диего Марадона Аргентина футбол ассоциациясини (AFA) танқид қилди. 

Марадонанинг ҳисоблашича, AFA Лионель Мессининг сўзларидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланди. 

«Альбиселесте» 27 июнь куни Америка Кубоги финалида Чили билан учрашди. Ўйиннинг асосий вақти ва қўшимча бўлимларда ҳисоб очилмади. Шундан сўнг бошланган пенальтилар сериясида Чили 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Аргентиналиклар сафида зарба беришда адашган футболчилардан бири Лионель Месси бўлди, у тепган тўп дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди.

Ўйиндан сўнг Месси терма жамоани тарк этиши ҳақида маълум қилди. 

«Мессининг сўзлари Аргентина футболидаги ҳалокатли ҳолни фош этиш учун айтилганди.

Улар ўз хатоларини яшириш учун йигитларни шундай сўзларни айтишга мажбурлашди. Ва бугун биз уларни эмас, Мессин муҳокама қилмоқдамиз.

Улар Мессини Америка Кубоги финалида 2 марта Чилига мағлуб бўлганлик ҳақида гапиришга мажбурлашди.

Ахир Аргентина 1974 йилги Нидерландия эмаску. Улар ўзларини қутқариб қолиш учун Мессидан шундай сўзларни айтишни сўрашган», — дея Марадонанинг сўзларини келтиради La Nacion.

Аргентина терма жамоаси қаторасига иккинчи марта Америка Кубоги финалида Чили терма жамоасига ютқазди. 2015 йилги турнир финалида ҳам аргентиналиклар пенальтилар сериясида 1:4 ҳисобида мағлуб бўлганди. Бундан ташқари, Месси ва жамоадошлари 2014 йилги жаҳон чемпионати финалида Германияга (0:1) мағлуб бўлганди. 

Месси 2008 йили Аргентина олимпия терма жамоаси сафида Пекин Олимпиадаси ғолиби бўлган, 2005 йилда эса ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпиони бўлган. Аммо Лионель Месси Аргентина миллий терма жамоаси билан йирик турнирларда бирор марта ҳам бош совринга эга бўлмаган.

Марадона: "Месси 2018 йилги жаҳон чемпионатига бориши ва ерда ғолиб бўлиш керак"

ОАВ: Аргентина президенти Мессидан терма жамоани тарк этмасликни сўради