Туркия бош вазири Бинали Йилдирим, унинг мамлакати Россияга Су-24 самолёти учун товон тўлаш нияти йўқлигини билдирди. 

"Самолёт учун Россияга товон тўлаш ҳақида гап кетаётгани йўқ. Биз фақат узримизни келтирдик", — дея Йилдирим сўзларидан иқтибос келтирган CNN Turk телеканали. 

"Йўқ, йўқ, бундай нарса йўқ", —деган Туркия бош вазири Anadolu агентлиги журналистларига. 

Аввалро, Йилдирим TRT телеканалида қилган чиқишида "зарурат бўлса" Туркия уриб туширилган Су-24 учун зарарни қоплаши ҳақида айтган эди.

Душанба, 27 июнь куни Туркия президенти Режеп Тайип Эрдўған россиялик ҳамкасби Владимир Путинга йўллаган мактубида, уриб туширилган Су-24 самолёти учун кечирим сўрагани хабар қилинган эди. У, ҳалок бўлган учувчи оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган ҳамда расмий Анқара Россия билан муносабатларини бузишни хоҳламаслигини билдирган эди. 

Расмий Кремль Эрдўған мактубини, икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни тиклаш ва яхшилаш томон "ташланган муҳим қадам" дея баҳолаганди.