26 июнда Сурия шарқидаги Даур-аз-Зор қишлоғига берилган авиазарба оқибатида 25 га яқин бола ҳалок бўлган бўлиши мумкин. Бу ҳақда 27 июнда журналистларга БМТ бош котибининг расмий вакили ўринбосари Фархон Ҳақ маълум қилди.

Унинг айтишича, бундай маълумотга БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) эга. "ЮНИСЕФ Суриядаги ҳамкорларидан кеча Ал-Қурия қишлоғига берилган авиазарбалар натижасида 25 бола ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотни олганини маълум қилмоқда. Маълум қилинишича, учта зарба одамлар гавжум кўчага, жумладан ибодат вақтида масжидга берилган", деб айтди Ҳақ.

Сурияда зўравонлик даражаси ошган сари болаларга ҳужум қилиш "оддий ишга" айланмоқда, деб қўшимча қилди Ҳақ. "ЮНИСЕФ бу ҳужумларни қоралайди ва ихтилоф томонларини болаларни хавфдан ҳимоялашга чақирмоқда", деб таъкидлаб ўтди Ҳақ.

Аввалроқ маҳаллий ОАВ маълум қилганидек, Ал-Қуриянинг бомбардимон қилиниши оқибатида 82 киши, жумладан 58 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган. Тахминча, авиазарбадан мақсад Даур-аз-Зорнинг кўплаб ҳудудларини назорат қилаётган ИШИД жангарилари бўлган.