Бир оз аввал сайтимиз орқали  Ўзбекистон ҳудудида молия пирамидаси ташкил этган Чинозлик Аҳмадбой Турсунбоевнинг қўлга олингани, шунингдек, 16 июнь куни «Тошкент» телеканалида, ноқонуний валюта операциялари билан шуғулланиб келган, халқ орасида "Аҳмадбой" дея ном қозонган Аҳмаджон Турсунбоев ҳақида қисқа махсус репортаж намойиш этилгани тўғрисида хабар бергандик. Бу борадаги гап-сўзлар ҳали тиниб улгурмай, Аҳад Қаюм инстаграмдаги саҳифаси орқали Аҳмадбойга атаб ёзган шеърини жойлаштирди. Ёш шоир ушбу шеър мухлислар талабига биноан ёзилганлигини изоҳ тарзида ёзиб қолдирган. 

 Одамлардан тўплаб қанча олтин-зар,
Қайтараман дебсиз икки баробар.
Жабр қилиб элу-юртга дардисар,
Энди ҳеч ким раҳмат демас, Аҳмадбой.
Бу ишингиз яхши эмас, Аҳмадбой!
 
Бечоралар ишлатмайин каллани,
Калла деса опкелибди саллани.
Сиз ҳам пойлаб айни керак паллани,
Фил ҳам ахир сизча емас, Аҳмадбой.
Бу ишингиз яхши эмас, Аҳмадбой!
 
 Биров ҳақи юқмас эмиш бировга,
Жонингизни қўйибсизда гаровга.
Бекор қибсиз сувлар сепиб оловга,
Кетди пуллар Камаз-камаз, Аҳмадбой.
Бу ишингиз яхши эмас, Аҳмадбой!
 
Алмашибсиз пахталарни тахтага,
Айрим кунлар тахталарни пахтага.
Пулим етар дебсиз тилла яхтага,
Ўзингизни босинг бир пас, Аҳмадбой.
Бу ишингиз яхши эмас, Аҳмадбой!
 
Хафа бўлманг шоир Аҳмад Қаюмдан,
Шеър ёзинг деб талаб қилишди ундан.
Ранжиманг сиз энди асло ҳеч кимдан,
Бу сўзларим сизга бир дарс, Аҳмадбой.
Бу сўзларим сизга бир қарз, Аҳмадбой.
Бу ишингиз яхши эмас, Аҳмадбой!
 
Одамлардан тўплаб қанча олтин-зар,
Қайтараман дебсиз икки баробар.
Жабр қилиб элу-юртга дардисар,
Энди ҳеч ким раҳмат демас, Аҳмадбой.
Бу ишингиз яхши эмас, Аҳмадбой!