ФИФАнинг Ахлоқ қўмитаси ташкилот президенти Жанни Инфантинога нисбатан текширув ишини бошлаб юборди.

Frankfurter Allgemeine Zeitung газетаси маълумотларига кўра, Инфантино шу йилнинг апрель ойида Москва ва Доҳа шаҳарларига сафари вақтида ФИФА маблағларини шахсий мақсадларда сарфлаб юборишда гумон қилинмоқда.

Инфантино ФИФА президентлигига 2016 йил февраль ойида сайланган эди. У коррупция можаролари туфайли ташкилотни тарк этган Йозеф Блаттерни алмаштирганди.

Швейцария ҳукумати 2015 йилнинг июлида Цюрихдаги бош қароргоҳида тинтувлар ўтказиб, коррупция иши бўйича текширувлар бошлаган, бу ишга ташкилот собиқ раҳбари Йозеф Блаттер ва ташкилот собиқ бош котиби Жером Вальке алоқадорлиги аён бўлганди.

ФИФА 2015 йилнинг 25 сентябрида Блаттер УЕФА раҳбари Мишель Платинига 2011 йили 2 миллион франк миқдоридаги маблағни ноқонуний равишда берганини аниқлади. Шундан кейин Блаттер ва Платини футболдан 8 йил муддатга четлатилди. Кейинроқ, 2016 йилнинг 24 февралида уларга нисбатан жазо енгиллаштирилиб, муддат 8 йилдан 6 йилга туширилди. Апрель ойида эса санкция муддати яна 2 йилга камайтирилди.