Германияда суриялик Муҳаннад исмли қочқин 150 минг евро топиб олди ва уни полиция қўлига топширди. Бу ҳақда Associated Press хабар бермоқда.

Германиянинг Минден шаҳри полицияси ўтган йили қочқин сифатида мамлакатга кириб келган 25 ёшли йигитни “кун қаҳрамони” дея эътироф этди. Йигит пулларни хайрия ташкилотининг жавонидан топиб олган экан.

Йигитнинг айтишича, у мебелларни тахлаётган пайт 50 минг евро миқдорида нақд ва 100 минг евро миқдорида омонат китобчасини топиб олган.

Полициянинг сўзларига кўра, одамлар топиб олишган пулларини олиб келиб туришади, аммо бундай миқдордаги суммани олиб келишганини яқин вақт ичида учратишмаган.