Калифорния штатида 28,3 гектар майдон ёнғин билан қопланди. Ёнғинни ўчиришга тахминан 5 минг ўт ўчирувчи жалб этилди. Бу ҳақида Los Angeles Times газетаси хабар қилди. 

Унга кўра, Калифорнияда тўққизта йирик ёнғин чиққан, улардан Керн округидаги Лейк-Изабелла жанубий аҳоли пунктида 18,3 гектар майдондаги ўт ва буталарни пайҳон қилган ёнғин энг йириги сифатида қайд этилди. Мазкур ҳудудда ўт балоси 250та уй ва қурилмаларни йўқ қилди. Лайк-Изабеллада ёнғин натижасида кекса жуфтлик ҳалок бўлганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, Санта-Барбара, Сан-Габриэль ва яна олтита жойда ёнғин қайд этилди. Ҳозирги вақтга келиб, олов 70-90 фоизга бартараф этилган. 

Штатнинг Ўрмон бошқармаси вакили Дэниел Берлантнинг хабар қилишича, январь ойидан буён Калифорнияда тахминан 2,4 минг табиий ёнғин содир бўлган. Бунинг натижасида 40 минг гектар ердаги ўсимликлар йўқ бўлган. 

 

Фото:Google image