2016 йилнинг 8 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг XII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Қарори қабул қилинди. Унга кўра, жорий йилнинг 12-13 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида XII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу ярмаркани ташкиллаштиришда Халқаро пахта ассоциацияси, Пахта бўйича халқаро консултатив қўмитаси, Cotton Outlook халқаро агентлиги ва Халқаро тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар федерацияси сингари нуфузли халқаро ташкилотлар доимий ҳамкорлик қилиб келади.

Жорий йилги ярмарка «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси, «Ўзбекенгилсаноат» давлат акциядорлик компанияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси, Ўзбекистон “Сифат" маркази ва бошқа тегишли тузилмалар кўмагида ташкил этилади.

Асосий тадбирлар «Ўзэкспомарказ» компаниясининг кўргазмалар залида ўтказилади. Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасидаги конференциялар ҳамда мулоқотларда жаҳон пахта ва тўқимачилик бозорининг етакчи вакиллари томонидан Ўзбекистон ва дунёда пахта толаси ишлаб чиқариш, савдо ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш каби кўплаб масалалар муҳокама қилиниши ва ўзаро манфаатли олди-сотди шартномалари имзоланиши кутилмоқда.