Ўзбекистоннинг ёш спортчилари Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида йигирма ёшгача бўлган атлетлар ўртасида ўтаётган жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этмоқда.

Вазни 77 килограммгача бўлган спортчилар ўртасидаги беллашувларда қатнашган Шаҳзод Худойберганов штангани силтаб кўтаришда 184 килограмм натижа билан кумуш медални қўлга киритди. Штангани даст кўтаришда 145 килограмм, иккикурашда 329 килограмм натижа қайд этди.

Вазни 58 килограммгача бўлган қизлар баҳсида Муаттар Набиева штангани даст кўтаришда 95 килограмм, силтаб кўтаришда 112 килограмм, иккикураш якунига кўра, 207 килограмм натижа билан бир йўла учта бронза медални қўлга киритди. 

Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасидан маълум қилинишича, 30 июнь куни ўтказиладиган баҳсларда яна бир ўзбекистонлик атлет Фарҳод Собиров вазни 94 килограммгача бўлган спортчилар ўртасида ўз имкониятини синовдан ўтказади.