Бельгия ҳукумати Буюк Британиянинг Европа Иттифоқини тарк этишга қарор қилганидан кейин Бельгияда яшовчи ва ишловчи британияликлардан фуқаролик бериш бўйича юзлаб аризалар олмоқдалар. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Айни вақтда Бельгияда Буюк Британиянинг 24 минг фуқароси, улардан учдан бири эса Брюсселда яшайди. Улардан кўпчилиги НАТО ёки ЕИнинг турли ташкилотларида ишлайдилар.

Иксель коммунаси бошлиғи Доминик Дефурни охирги бир неча кун ичида 40 киши фуқаролик олиш бўйича маълумот сўраганини маълум қилди. 

"Бу тўхтовсиз юз бермоқда. Баъзилар зарур маълумотни эрталабки 7.30 дан бошлаб сўрамоқда", деб айтди Дефурни.

Бошқа коммуналар ҳам шунга ўхшаш вазиятдан хабар беришмоқда. Ҳукумат вакилларининг айтишларича, улар бундай мурожаатларни аввал жуда кам олишган.

"Одатда биз фуқаролик юзасидан маълумот бериш ҳақида кам мурожаат оламиз. Бироқ жумадан бери ҳақиқий бум юз берди", деб айтди Волюве-Сен-Ламбер коммунаси вакили.

Бельгия фуқаролигини мамлакатда 5 йил яшаган ва ишлаган ҳамда француз, немис ёки голланд тилида сўзлаша оладиган одамлар олиши мумкин. 

Ҳаммаси бўлиб ЕИ давлатларида 1,3 млнга яқин британиялик ва ЕИ давлатларининг 3 млн га яқин фуқароси Буюк Британияда ишлаб, яшайди.