УЕФА Евро-2016’нинг чоракфинал учрашувлари олдидан Истанбул аэропортидаги теракт қурбонлари хотирасини бир дақиқалик сукут сақлаш билан ёд этишга рухсат бермади. Чоракфинал учрашувлари бугун, 30 июнда Польша ва Португалия ўртасидаги учрашувдан бошланади. Бу ҳақда УЕФАдаги манбаларга иқтибос келтирган ҳолда Associated Press мухбири твиттерда маълум қилди.

Журналист маълумотларига кўра, УЕФАда мотам акциялари фожиа футбол ёки Евро-2016 иштирокчиларидан бири, ёхуд мусобақага мезбонлик қилаётган давлат билан бевосита боғлиқ бўлсагина уюштирилиши мумкинлиги айтилган.

УЕФА аввалроқ терактда ҳалок бўлганлар оилаларига ҳамдардлик билдириб ўтганди.  Охирги маълумотларга кўра, теракт оқибатида 41 киши, жумладан 13 хорижлик ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз чоракфинал жуфтликлари қуйидагича кўриниш олган: Польша – Португалия (30 июнь), Уэльс – Бельгия (1 июль), Германия – Италия (2 июль) ва Франция – Исландия (3 июль).