Хитой Халқ Республикасининг Пекин, Шанхай ва Сиан шаҳарларида «Ўзбек киноси кунлари» фестивали ўтказилмоқда. Маданий тадбирнинг тантанали очилиш маросими 28 июнь куни Пекин шаҳрида бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Унда Хитой Халқ Республикаси Матбуот, ноширлик, радиоэшиттириш, кинематография ва телевидение ишлари бўйича Давлат бош бошқармаси бошлиғи Чжан Хунсен, China film promotion компанияси раҳбари Жияо Ванг Фен ҳамда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Бош директори Атабек Мусаев бошчилигидаги ўзбек кинематографчиларидан иборат делегация иштирок этди.

Фестиваль режиссёр Ёлқин Тўйчиев томонидан суратга олинган «Ҳаётда...» фильми билан очиб берилди. Шунингдек, фестиваль доирасида Ўзбекистон киноижодкорлари томонидан яратилган “Қудуқ”, «Виждон», «Ота», «Тубанлик», «Сеҳрли қалпоқча» номли бадиий фильмлар хитойлик киноихлосмандларига намойиш этилади.

Тадбирлар доирасида кинематография йўналишидаги алоқаларни янада мустаҳамлаш, ҳамкорликда кинофильмлар ишлаб чиқариш, кинематография объектларини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жихозлаш бўйича Хитой Халқ Республикаси Маданият вазирлиги, Матбуот, ноширлик, радиоэшиттириш, кинематография ва телевидение ишлари бўйича Давлат бош бошқармаси ҳамда бир қатор йирик киностудиялар раҳбарлари билан музокаралар олиб бориш кўзда тутилган.

 

Фото:uzbekkino