КХДР Қўшма Штатларнинг душманлик ҳаракатларига жавобан ядровий қудратини мустаҳкамлашда давом этади. "Нодон синмун" газетаси республика Ташқи ишлар вазирлиги вакилига асосланиб шу ҳақда хабар берган.

Манба "КХДРни яккалаб қўйиш мақсадида халқаро кампанияни кенгайтираётган" Вашингтон билан мулоқот қилиш эҳтимоли мавжудлигини рад этган.

КХДР томонидан берилган баёнотда америкаликларнинг қанотли ракеталар билан жиҳозланган USS Mississippi атом сувости кемаси Жанубий Кореянинг Пусан портига кириб келиши, қўшни давлат ҳаво ҳудудида B-52 сртатегик бомбардимончи самолётлари иштирокида ўқув машғулотлари ўтказилиши ва "Пхеньянни босиб олиш" режалари ишлаб чиқилиши раҳбариятни ғазаблантиргани айтилган.

Дипломат огоҳлантирадики, АҚШ маъмурияти бу ишларнинг "оғир оқибатлари"га йўлиқиши мумкин.

Бундан олдинроқ, КХДР БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан мамлакатда баллистик ракеталар учирилишини қоралаган баёнотни тўлиқ рад этганди.

Корея Меҳнат партиясининг АҚШ ва бошқа душман кучлари томонидан таҳдид юзага келаётган шароитда мамлакат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ядровий кучларни мустаҳкамлаш ва иқтисодиётни параллел ривожлантириш тизимига мувофиқ жорий ҳафтада "Хвасон-10" ракеталари учирилган.

КХДР вакили Корея ярим оролидаги кескинликнинг ортиши учун жавобгарликни Вашингтонга юклаб, БМТ Хавфсизлик кенгашининг баёнотини иккиюзламачи сиёсатнинг холисликдан маҳрум самараси деб атади. У АҚШ КХДРга санкциялар ва ядро таҳдиди ёрдамида босим ўтказишни тўхтатмас экан, КХДР бу каби чораларни қабул қилишда давом этиши ҳақида огоҳлантирди.

Кейинроқ КХДР АҚШни ядро салоҳиятини мустаҳкамлашда давом этиши ҳақида хабардор қилди.

23 июнь куни КХДР "ер—ер" синфидаги ўрта ва узоқ масофаларга парвоз қилувчи "Хвасон-10" стратегик баллистик ракетасини учиргани ҳақида хабар берилган эди.