«Манчестер Юнайтед» «Барселона» ҳужумчиси Неймар учун «Реал» ва «ПСЖ» билан рақобатлашишда давом этмоқда.

El Mundo Deportivo тарқатган хабарга кўра, инглизлар клуби 2 йилдан кейин эркин агентга айланиши мумкин бўлган 24 ёшли бразилияликка навбатдаги таклифни юборган.

«МЮ» томонидан Неймарнинг вакиллари билан таниқли футбол агенти, Мино Райола ва Жорже Мендешнинг "устози" сифатида қараладиган Пини Захави олиб бормоқда.

Бундан олдинги хабарларда «МЮ» футболчи учун йилига 17 миллион евролик маош тўлашга тайёрлиги ҳақида хабарлар берилганди.

Айни вақтда Неймар учун каталонияликлар томонидан сўраладиган товон пули миқдори 192 миллион еврони ташкил қилади. Футболчининг «Камп Ноу»да ўйнаб оладиган йиллик маоши 9 миллион евро. Лекин «Барселона» футболчи билан янги шартнома тузиб, бу миқдорни 15 миллион еврога оширишга рози.

Бу вақтда «Реал» футболчига йилига 15 миллион евро тўлашни назарда тутувчи 6 йиллик шартнома таклиф этмоқда. «ПСЖ» эса Неймарга йилига 18,5 миллион евро беришга тайёр. Қолаверса, қўшимча бонуслар ҳисобига бу миқдор 28 миллион еврога етиши мумкин.

Футболчининг отаси Неймар да Силва ва унинг агенти Вагнер Рибейро унга «Барселона»ни тарк этиб, таклифлардан бирини қабул қилишни тавсия этган.