Бугун Европа чемпионати ўйинлари давом эттирилади. Тошкент вақти билан 23:55да Марселда Польша ҳамда Португалия терма жамоалари ўзаро ўйинда майдонга тушишади ва илк ярим финалчи ким бўлиши аниқ бўлади.

Ўйинга бўлган қизиқиш жуда катта. Эслатиб ўтамиз, Польша мусобақани "C" гуруҳида бошлади ва Германиядан кейин иккинчи бўлди. Улар Шимолий Ирландия ва Украинадан устун келиб, Германия билан дуранг ўйнашди. Шу тарзда Польша немислар билан бир хил очко тўплади. Левандовский жамоаси 1/8 финалда Швейцария билан баҳслашди ва пенальтилар сериясига кўра чорак финалга йўл олди.

Португалия эса Европа чемпионатини "F" гуруҳида бошлади. Криштиану Роналду жамоаси барча учта ўйинда: Венгрия, Исландия ва Австрия билан дуранг ўйнади. 1/8 финалда эса улар Хорватияга тўқнаш келишди. Ўйиннинг асосий вақтида ҳисоб очилмади, лекин қўшимча таймларнинг охирги дақиқалари ўтаётганда Рикардо Куарежма гол уриб, Португалияни чорак финалга олиб чиқди.

Полmша ҳамда Португалия терма жамоалари ўртасидаги ўйинни кузатиш имконингиз бўлмаса, tribuna.uz сайтида олиб бориладиган матнли трансляцияни кузатиб боринг.