Тошкент шаҳридаги Тараққиёт йўлининг Оҳангарон йўлини марказ билан боғловчи янги қисмида қурилиш ишлари давом эттирилмоқда. Қурилаётган олти тасмали ушбу йўлнинг узунлиги 2,9 километрни ташкил этади. Бу ҳақда “Ўзавтойўл” акциядорлик компаниясининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фойдаланишга топшириладиган ушбу йўл Мирзо Улуғбек кўчаси ва Паркент кўчаларидаги тирбандликнинг олдини олади ва ҳайдовчиларнинг вақти ҳамда автомобиль ёқилғисининг тежалишига сабаб бўлади.

Ушбу йўлнинг қурилиш жараёнида йўл тўшамаси конструкциясининг янги усулидан фойдаланилмоқда. Бу билан йўл сифати ошиши баробарида, асфальт-бетон қоришмаси сарфи камайтирилади.

Йўлни фойдаланишга топшириш жорий йилнинг сентябрь ойида мўлжалланган.

Фото: «Узавтойўл»