«Трансаэро» авиакомпанияси базасида янги авиаташувчи пайдо бўлиши мумкин. Бу ҳақида компания бош директори Александр Бурдин ТАСС агентлигига берган интервьюсида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, компания кредиторларга фаолиятини тиклаш бўйича режалар ва янги схемалар тақдим этади. 

"Ҳозир биз янги авиакомпания яратиш ҳақида бош қотиряпмиз, унинг асоси «Трансаэро» ходимларидан иборат бўлади", - маълум қилди Бурдин. У бундай вариантга кўниш - кредиторлар ўз пулларини қайтариб олишлари учун ягона вариантлигини таъкидлади.

Бурдиннинг айтишича, авиакомпания қайта ишга туширилган тақдирда янги ташувчи Узоқ Шарққа эътибор қаратади. 

Янги компания эксплуатант сертификатини қайтиб олиш ҳақидаги қарорни бекор қилишига эришмоқчи, муваффақиятсизликка учраган тақдирда янги сертификатга ариза беради. Шунингдек «Трансаэро»да эксплуатант сертификатига эга авиакомпания билан қўшилиш ёки харид қилиш вариантлари кўриб чиқилмоқда. 

Янги компания авиапарки «Трансаэро» базасида яратилади, у Boeing 737 New Generation ва Sukhoi Super Jet — 100'лардан ҳамда истиқболда МС-21'дан иборат бўлади. 

«Трансаэро» авиакомпанияси ўтган йилнинг 26 октябрида ўз фаолиятини тўхтатган.

 

Фото:© ИТАР-ТАСС